Эктор Купер: Футболчиларнинг ишга бўлган муносабатидан мамнунман

  • Терма жамоалар
  • 27-08-2019
  • 712

Сентябрь ойида Жаҳон чемпионати-2022 иккинчи саралаш босқичи учрашувлари старт олади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккинчи саралаш босқичининг “D” гуруҳидан ўрин олган. Гуруҳда терма жамоамизга Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ҳамда Сингапур термалари рақиблик қилади.

Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк ўйинини сафарда Фаластинга қарши ўтказади. Мазкур учрашувга тайёргарлик доирасида 28 август санасидан бошлаб пойтахтимизда йиғинга киришилади.

Олдинда бизни жуда масъулиятли учрашувлар кутиб тургани, бош жамоамиз эса дастлабки учрашувини сафарда ўтказишини инобатга олган ҳолда бошланажак йиғин олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

- Мен оптимист инсонман. Ўзбекистонда иш бошлаганимга 1 йил вақт бўлди. Терма жамоада ишлайдиган мураббийларда одатда шундай муаммо бўлади: Уларда футболчилар билан бирга ишлашга камроқ вақт бўлади. Лекин шундай бўлса-да яхши натижа кўрсатиш талаб этилади. Мен мана 1 йилдирки, шу ерда фаолият олиб боряпман. Айта оламанки, мен ҳозирча мавжуд шароит ва футболчиларнинг ишга бўлган муносабатидан мамнунман. Тўғри, муаммолар ҳамма жойда ҳам учраб туради. Лекин умуман олганда, ўз устимизда ишлашда давом этяпмиз.

Ҳар бир жамоани ўз услуби бўлиши лозим. Бу услубга эришиш, ўз йўлини топиб олиш учун ҳар хил тажрибалар қилиб кўрилади. Биз ўз услубимизни топиб улгурдик, десак бўлади. Балким услуб ҳар доим ҳам кутилганидек ғалаба олиб келмас. Лекин аниқ бир йўналиш доим бўлиши лозим. 

Биз тактикани олдиндаги ўйиндаги рақибдан келиб чиққан ҳолда бироз ўзгартириб туришимиз мумкин. Аммо ўзимизнинг услубдан у қадар узоқ кетмаган ҳолда буни амалга оширамиз.

Ўзбекистон терма жамоасида рақобат мавжуд. Мендан эса ўз позициясида энг яхши формада бўлган ўйинчини танлаш талаб этилади. Мен ўз қарашларимдан келиб чиққан ҳолда маъқул деб топган футболчиларни бош жамоага жалб этдим. Лекин чемпионатда ўйнаётган барча футболчиларни кузатиб бораётганимизни айта оламан. Балким баъзи тўпурар футболчилар таркибимиздан ҳали ўрин олишмагандир. Балким улар яқин вақт ичида кейинги ўйинларимизга чақирилиши мумкин.


Биз ЎФА Терма жамоалар бўлими билан ҳамфикрликда ишлаймиз. Бу айниқса рақиб танлаш масаласида юзага чиқади. Саралашнинг 2-турида дам оламиз ва шу сабаб Ироқ терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиш биз учун яхши вариант, деган тўхтамга келдик. 

Фаластинда сунъий майдонда ўйнашимизга тўғри келади. Ўйинчиларимиз учун бу ноқулайлик туғдириши тайин. Шу сабабдан биз йиғин доирасида бир нечта машғулотни сунъий майдонда ўтказамиз.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan