Эктор Купер: «Биз Осиё Кубогига тайёрмиз»

  • ЎФА
  • 08-01-2019
  • 1740
 
Аввал хабар берганимиздек, бугун Шаржа шаҳрида Ўзбекистон - Уммон учрашувидан олдин матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ва жамоа сардори Одил Аҳмедов қатнашишди.

Дастлаб, Эктор Купер эртанги ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Биз Осиё Кубогига тайёрмиз. Нафақат эртанги ўйинга, балки бутун мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. Биз ижобий натижага эришиш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Ҳар икки жамоа ғалаба учун майдонга тушиши аниқ. Уммон ҳам анойи жамоа эмас. Майдонда боримизни бериб тўп сурамиз. Барчаси майдонда ҳал бўлади.

Футболда натижани олдиндан айтиш қийин. Шуниси билан бу спорт тури қизиқ. Мусобақага тайёргарлик давомида биз декабрь ойида ўртоқлик ўйини ўтказмадик. Аммо бу мени ташвишга солмаяпти. Биз етарлича тайёргарлик кўрдик. Жароҳатлар олдини олиш мақсадида ҳам ўртоқлик ўйинлари ўтказмадик. 

Терма жамоани қабул қилиб олганимга кўп бўлмади. Аммо ўтган вақт давомида максимал тарзда жамоани шакллантиришга ҳаракат қилдик. Энди ўзимизни кўрсатишимиз керак. Осиё Кубоги бунинг учун яхши имконият"
 
Шундан кейин терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Уммон терма жамоаси дарвозабони Али Ал-Ҳабсий жароҳати туфайли мусобақани ўтказиб юбориши аниқ бўлди. Бу Уммон учун катта йўқотиш. Мен Ал-Ҳабсини яхши танийман. Унинг майдонга тушмаслиги бизга ёрдам бериши мумкин.

Таркибдаги футболчилар жисмоний жиҳатдан ўйинга тайёрлар. Ким тўп билан кўпроқ муомала қилса, ўша ғалаба қозонади. Биз жисмонан яхши тайёргарлик кўрдик, деб ҳисоблайман".
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan