Равшан Ҳайдаров: Осиё ўйинларида ҳужум ва ҳимоядаги балансни сақлашга ҳаракат қиламиз

  • ЎФА
  • 09-08-2018
  • 753
 
Бугун Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига жўнаб кетади. Ушбу сафар олдидан терма жамоа бош мураббийи иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманида Равшан Ҳайдаров билан бирга Жалолиддин Машарипов ҳамда Одил Ҳамробековлар ҳам иштирок этишди. 
 
- Регламентга кўра Осиё ўйинларига 20 нафар футболчи олиб бориш мумкин. Сиз эълон қилган таркибда икки нафаргина дарвозабон бор. Иккисидан бири қизил карточка олса, иккинчиси эса жароҳатланса, бу ҳолатда қандай йўл тутасиз?
- Ташкилотчилар томонидан белгиланган регламентга бўйсунишга мажбурмиз. Аксарият жамоалар иккитадан дарвозабон билан мусобақага йўл олишмоқда. Авваламбор, форс-мажор ҳолатлар бўлмаслигига умид қиламиз, шу билан бирга бундай ҳолат ҳам кўзда тутилган. Қандай йўл тутишимиз эса ҳозирча сир.
 
- Азиз Ғаниевнинг жароҳати режангизга таъсир қилдими?
- Ғаниев терма жамоамизда ўз ўрнига эга. Унинг жароҳати биз учун йўқотиш албатта. Лекин жамоамиз битта футболчига боғланиб қолмаган ва унинг ўрнини босадиган футболчиларга эгамиз. Азиз Ғаниевга бутун жамоамиз номидан соғлиқ тилаймиз. У Японияда операция қилинади, кейин юртимизга қайтиб тикланиш жараёнини давом эттиради.
 
- Маълумки, Осиё ўйинларида ёши 23 дан катта бўлган уч нафар футболчини таркибга қўшиш мумкин. Сизда Машарипов, Турғунбоев ва Алибоевдан бошқа вариантлар ҳам бормиди? 
- Албатта вариантлар мавжуд эди. Миллий терма жамоадан ҳам футболчи олиш масаласини ўйлаб кўрдик. Аммо кейинчалик ёшлар терма жамоасига ёши таркибдагилардан 7-8 ёш катта футболчиларни қўшиш нотўғри, деган қарорга келдик. Ёш футболчилар ёши катталарга ишониб, бор масъулиятни уларга юклаб қўйиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, таркибга Машарипов, Алибоев ва Турғунбоевларни олишга қарор қилдик.  
 
- Жамоа сардори ким бўлиши хақида маълумот бера оласизми?
- Биз мураббийлар кенгаши билан маслаҳатлашиб, бу масалани ҳал қиламиз. Бизда уч нафар сардор бор эди - Забиҳилло Ўринбоев, Одилжон Ҳамробеков, Достон Турсунов. Энди Жалолиддин Машарипов ҳам бу таркибга қўшилди. Бу борада жамоа масъуллари билан маслаҳатлашиб бир қарорга келамиз.
 
- Ҳужумдаги Сидоров, Ўринбоев ва Абдуҳолиқовдан иборат учликни бошқа ҳужумчи йўқлиги учун мажбуран таркибга жалб қилдингизми?
- Биз йиғинлар давомида бошқа ҳужумчиларни ҳам синаб кўрдик. Аммо ҳозирда таркибга чақирлган ҳужумчиларнинг тажрибаси катта. Улар халқаро ўйинларда кўп иштирок этишган. Улар ўз ўйинларини кўрсата олишларига ишонамиз.
 
- Хитойдаги Осиё чемпионатида бўлгани каби ҳужумкор ўйин кўрсатишга ваъда бера оласизми?
- Фақат ҳужумда ёки фақат қарши ҳужумда ўйнаймиз, деб айта олмайман, қарорни ҳар бир ўйиндан олдин жамоамизнинг ҳолати ва рақибга қараб танлаймиз. Ҳужум ва ҳимоядаги балансни сақлашга ҳаракат қиламиз.
 
- Савол Одил Ҳамробековга. Қишги Осиё чемпионати, ОЧЛ ўйинлари, Суперлига ва ниҳоят Осиё ўйинларида танаффуссиз тўп суриш сизларга салбий таъсир қилмаяптими?
 - Ҳар бир профессионал ўйинчи танаффуссиз ўйнашга тайёр бўлиши шарт. Чунки бу бизнинг касбимиз. Танаффуссиз клубда ва терма жамоада тўп сураётган бўлсак-да, етарли даражада тикланишга улгурмоқдамиз. Шу сабаб Осиё ўйинларига жисмонан ва руҳан тайёр ҳолатда йўл оляпмиз.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan