Ўзбекистонлик ёш футболчилар “Футбол дўстлик учун” лойиҳасининг еттинчи мавсумида иштирок этишади

  • ЎФА
  • 19-03-2019
  • 474
18 март куни Москвада Европа Чемпионлар лигасининг расмий ҳамкори Россиянинг “Газпром” компанияси томонидан амалга ошириладиган “Футбол дўстлик учун” халқаро болалар ижтимоий лойиҳасининг янги  еттинчи мавсумига старт берилди. 

 Бу йил лойиҳанинг якуний босқичи 28 майдан 2 июнга қадар Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтади. Лойиҳанинг асосий мақсади болалар ва ўсмирлар спортини қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, ёш авлод ўртасида турли миллатлар ва маданиятларга ҳурмат туйғусини шакллантиришдан иборат.
 
Ўғил ва қиз болалар, шунингдек, ногиронлиги бор болалар ҳар йили мунтазам равишда “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида қатнашиб, 9та қадрият: дўстлик, тенглик, адолат, соғлиқ, тинчлик, содиқлик, ғалаба, анъаналар ва фахр туйғуларини тарғиб қилишади.
 
“Футбол дўстлик учун”  лойиҳасининг еттинчи мавсуми доирасида турли мамлакатларда бир қатор тадбирлар ўтказилади. Болалар ва катта ёшдаги инсонлар “Футбол дўстлик учун” халқаро байрам кунини биргаликда нишонлашади, ўртоқлик ўйинлари ва маҳорат дарсларида қатнашишади,  шунингдек, бир-бирларига лойиҳанинг расмий рамзи – тенглик ва соғлом турмуш тарзига ихлосмандликнинг ифодаси бўлган, мусаффо осмон ва яшил майдонни англатадиган кўк ва яшил рангли иплардан таркиб топган дўстлик Билагузугини бойлашади.  
 
Бутун дунёдан ташриф буюрадиган Ёш журналистлар “Футбол дўстлик учун” лойиҳасини Халқаро матбуот марказида ёртиш орқали ўз имкониятларини синовдан ўтказишади. Болажонлар мухбирлик касбининг сир-асрорларини ўрганишади, шунингдек, дунёнинг етакчи ОАВ вакиллари билан бир сафда ижод қилиб, катта тажриба тўплашади.
 
Бу йил ёш иштирокчилар орасида нафақат футболчи, мураббий ва журналист, балки Ёш ҳакамлар – турли мамлакатлардан таклиф қилинадиган ҳакамлик мактаби ўқувчилари ҳам бўлади. Улар бир неча кун давомида Халқаро дўстлик оромгоҳининг бир қисмига айланишади. 
 
Лойиҳанинг якуний босқичида “Футбол дўстлик учун” халқаро форуми ўтказилади. Унинг асосий воқеаси иштирокчилар ўртасидаги футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлади. Жаҳон чемпионатининг финали Мадрид шаҳри қоқ марказида, “Пласа-Майор” майдонида бўлиб ўтади. Еттинчи мавсум якунида иштирокчилар Мадрид шаҳридаги “Ванда Метрополитано” стадионида ўтказиладиган Европа Чемпионлар лигаси финалини биргаликда томоша қилишади.
 
“Газпром” компанияси томонидан амалга ошириб келинаётган “Футбол дўстлик учун” лойиҳаси бутун дунёдаги болаларда қадриятларга бўлган ҳурматни шакллантириб, улар ўртасидаги тўсиқларни йўқотишга, уларни янада жипслаштиришга хизмат қилмоқда. Бу лойиҳа турли миллат вакиллари билан ўзаро дўстлик алоқаларини ўрнатиш ва ҳамкорликда ишлаш имконини тақдим қилади”, - дейди Soccer Barcelona Youth Academy асосчиси Микель Пуч. 
 
“Футбол дўстлик учун” лойиҳаси бизга бутун дунёдан дўстлар орттириш, бошқа миллат вакиллари билан яқин алоқаларда бўлиш учун қулай имконият. Мен бу лойиҳанинг бир қисми бўлганимдан фахрланаман”, - дейди ҳиндистонлик ёш журналист Ананья Камбодж.
 
"Футбол дўстлик учун" лойиҳасининг еттинчи мавсумида ўзбекистонлик ёш футболчилар ва ёш мураббий иштирок этади. Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳада учинчи бор иштирок этиши. 2017 йилда мазкур лойиҳада "Локомотив" вакили Илёс Аҳмедов, 2018 йил эса "Бунёдкор" аъзоси Муслим Абдуманнопов иштирок этганди.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan