Осиё Кубоги - 2019 мусобақаси бошланишига 60 кун қолди

  • ЎФА
  • 06-11-2018
  • 386
2019 йилнинг январь ойида Бирлашган Араб Амирликларида ҳисоб бўйича 17-Осиё Кубоги бўлиб ўтади. Мусобақа 5 январь - 1 февраль кунларига мўлжалланган. Унду Осиёнинг 24та кучли терма жамоаси, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам қатнашади. Осиё Кубоги БААнинг тўртта шаҳрида бўлиб ўтади: Абу-Даби, Дубай, Ал-Айн ва Шаржа. 

Бугун мазкур турнир бошланишига роппа-роса 60 кун қолди. Осиё Кубоги 1956 йилдан бошлаб ўтказиб келинади. Мусобақа тарихи давомида қуйидаги терма жамоалар Осиё Кубогини қўлга киритишган: Жанубий Корея, Исроил, Эрон, Кувайт, Саудия Арабистони, Япония, Ироқ ва Австралия. Осиё Кубогининг амалдаги соҳиби Австралия терма жамоаси ҳисобланади. 

2019 йилдаги Осиё Кубоги Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ҳисоб бўйича 7-бўлади. Мусобақадаги энг яхши натижага Ўзбекистон 2011 йилда эришган. Ўшанда терма жамоамиз 4-ўринни қўлга киритганди. Осиё Кубогидан ўрин олган учрашувларда Ўзбекистон МТЖ таркибида энг кўп гол киритган футболчимиз Александр Гейнрих ҳисобланади. Унинг ҳисобида жами 6та гол бор.

Осиё Кубоги - 2019 мусобақасида Ўзбекистон МТЖ "F" гуруҳидан ўрин олган бўлиб, гуруҳимизда Уммон, Туркманистон ва Япония терма жамоалари ўрин олишган.

Дастлабки баҳсни вакилларимиз 9 январь куни Шаржа шаҳрида Уммон терма жамоасига қарши ўтказишади. 13 январь куни Дубайда Туркманистон терма жамоасига қарши майдонга тушсак, гуруҳдаги сўнгги ўйин 17 январь куни Ал-Айн шаҳрида Японияга қарши бўлиб ўтади.     
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan