Ўзбекистон – Қатар ўртоқлик ўйини олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди 

  • ЎФА
  • 15-10-2018
  • 388
 
Ўзбекистон миллий терма жамоаси БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубогига тайёргарлик доирасида Тошкентда Қатар терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказишидан футбол мухлисларининг хабарлари бор. 
 
Эртага Тошкентдаги “Миллий” стадионида соат 19:00 да бошланадиган ушбу ўртоқлик ўйини олдидан ҳар икки терма жамоалар бош мураббийлари ва футболчилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
 
Матбуот анжуманининг биринчи қисмида Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Эктор Купер ҳамда футболчи Одил Ҳамробеков иштирок этишди. Улар ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга қуйидаги фикрларни билдириб ўтишди.
 
Эктор Купер: – Эртанги ўйиндан асосий мақсадимиз биринчи КХДРга қарши ўйиндаги тартибли ҳимояни янада такомиллаштириш, янги футболчиларнининг айримларини синаб кўришдир.
 
– Кейинги йиғинимиз бир ойдан кейин ташкил этилади. Умид қиламан кейинги йиғинга ҳам футболчилар яхши формада қайтиб келишади.
 
Одил Ҳамробеков: – Эртанги ўйин ўртоқлик мақомида бўлса ҳам қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ.
 
Эктор Купер: – Рақиблар ўйинини таҳлил қилиб боряпмиз. Келаси ўйинларда ўз мутахассиларимизни рақиб ўйинларини ўрганиш учун юборишни ният қилганмиз.
 
– Биз биринчи ўринда рақибга қараб мослашишни эмас балки ўз ўйин услубимизни яратишга ҳаракат қиламиз.
 
– Ҳеч бир ўйинчига терма жамоада жой кафолатланмаган. Мен кимнидир термага чақирсам ёки чақирмасам бу ҳақда батафсил маълумот беришни истамайман. Кимнидир йиғинга чақирмасам ўша футболчи қайтиб терма жамоада ўйнамайди дегани эмас.
 
Одил Ҳамробеков: – "Миллий" стадионининг майдонини ёмон деб айта олмайман. Бу майдонда кўплаб ўйинлар ўтказилаётгани сабаб идеал ҳолатда эмас. Лекин бу бизнинг яхши ўйнамаслигимиз учун баҳона бўла олмайди.
 
Эктор Купер: – Виталий Денисов жароҳати борлиги сабаб терма жамоа йиғинига чақирилмади.
 
– Терма жамоанинг ўйини унинг юзидир. Биз ўз юзимизни яратиш ҳаракатидамиз. Биз ўйин давомида кўплаб тактикаларни синаб кўрамиз. Бизда албатта заҳира ўйин услублари бор. Кейинга ўйинлар натижасига қараб уларни ҳам синаб кўрамиз.



Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Қатар терма жамоаси бош мураббийи Феликс Санчез Бас ҳамда футболчи Муҳаммад  Албакри иштирок этишди. Уларнинг ўйинолди фикрлари қуйидагича бўлди:
 
Феликс Санчез: – Ўзбекистон билан бўладиган баҳс жуда ҳам қизиқарли бўлишига ишонаман. Терма жамоамиз эртага яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қилади.
 
Муҳаммад Албакри: – Эртанги ўйинга биз жуда ҳам кўп тайёргарлик кўрдик. Ўзбекистонга қарши ўйин қийин кечади деб ўйлайман.
 
Феликс Санчез: – Биз доимо ҳимояда хам ҳужумда ҳам балансни ушлашга ҳаракат қиламиз.
 
– Эквадорга қарши ўйиндан сўнг биз айрим ўйинчиларга дам беришга ҳаракат қилдик. Улар биз учун муҳим ўйинчилар. Уларни Осиё чемпионлар лигасида ҳам муҳим ўйинлар кутиб турибди. Бизда уларни ўрнини боса оладиган ўйинчилар бор албатта.
 
– Мен Қатар терма жамоасида анчадан бери ишлаяпман. Қатарда мени барча нарса қониқтиради ва мен шартномам ҳақида гапиришни истамайман
 
Муҳаммад Албакри: – Қатарда авлодлар алмашинуви кетмоқда. Жамоамизга мукаммалликка эришиш учун озгина вақт керак ва тез орада сиз Қатарнинг ҳақиқий кучини кўрасиз.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan